Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2012 йил 20 ноябрдаги 07/1-779 сонли топшириғига асосан ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2012 йил 10 декабрдаги “Олий таълим муассасаларида “Маънавият куни” тадбирларининг самарадорлиги ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 486-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида ва ТТАнинг 2012 йил 31 декабрдаги Маънавият куни” тадбирларининг самарадорлиги ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги 402-сонли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида 605 гуруҳ талабалари 2018 йилнинг 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Давлат табиат музейига ташриф буюришди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги Ўзбекистон Давлат табиат музейи — энг кекса илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. У 1876 йил 12 июлда ташкил этилган. Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб фаолият юрита бошлаган музейлардан бири Ўзбекистон Давлат табиат музейидир. Музейнинг тарихи асосан ўлкашунос олимлар ва саёҳатчилар билан боғлиқ. 1870 йилнинг охирларида Тошкент шахрида тузилган “Табиатшунослик, антропология ва этнография билан қизикувчилар жамияти”нинг Туркистон бўлими аъзолари, ўлкашунос олим-саёҳатчилар, зоологлар, тарихчи ва бошқалар томонидан Марказий Осиё ҳудудларида бир қатор илмий экспедициялар уюштириш натижасида йиғилган илмий коллекцияларни сақлаш, уларни ўрганиш ва кенг оммага таништириш мақсадида музей ташкил этиш ғояси илгари сурилди. Кейинчалик ушбу ғоя ва таклифлар музейнинг ташкил этилиши учун асос бўлди ва 1876 йил 12 июлда Тошкент шаҳридаги Ипакчилик мактаби қошида “Тошкент музейи” расмий равишда ўз фаолиятини бошлади. Музей ташриф буюрувчиларни Туркистон табиати, табиий бойликлари ва шу ўлкада яшовчи халқларнинг турмуш тарзи билан таништирар эди. 1876 йилнинг охирига бориб музейда 1400 дан ортиқ экспонат мавжуд бўлган.Ушбу музей 1918 йилдан Ўрта Осиё давлат университети қошида “Туркистон халқ музейи” номи билан фаолият юрита бошлади. 1921 йилда эса муассаса “Музей ва қадимги ёдгорликларни сақлаш, санъат ва табиат ишлари бўйича қўмита” тасарруфига ўтказилиб, “Ўрта Осиё бош музейи” номини олди. 1930 йилда музейнинг табиат бўлимлари, Қишлоқ хўжалик музейи ҳамда Зоология боғи билан бирлаштирилиб, “Ўрта Осиё табиат музейи ва ишлаб чиқариш кучлари ” номини олди. 1935 йил январ ойида бу бирлашманинг табиат шўбаси “Ўзбекистон Давлат табиат музейи”га айлантирилди.
Музейда қуйидаги 4 бўлим фаолият кўрсатади: флора-фауна бўлими, геология-география бўлими, илмий-маърифат бўлими, фонд бўлими. Ўзбекистон Давлат табиат музейи Ўзбекистондаги музейлар ичида биринчи бўлиб табиатни намойиш қилишнинг ландшафт усулини ишлаб чиқди ав ўз экспозицияларида амалга оширди. Бу усул табиат ҳодисаларини ўзаро боғлиқлиги тўғрисида яққол тасаввур беради. Музей фондида 400 мингдан ортиқ намуна бор: шу жумладан, 300 мингдан ортиқ ҳашаротни ўз ичига олган Ўрта Осиёда энг йирик энтомология фонди, умуртқали ҳайвонларнинг 4000 га яқин тулумлари ва шу қаторда 500 та намунадан иборат Оология (тухумлар) коллекцияси мавжуд, минг варақ гербарийдан иборат ботаника фонди ҳамда зоология ва география материаллари фақатгина Ўзбекистон олимлари ўртасида эмас, балки Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатларида ҳам машҳур.
Музейга ташриф ғоят қизиқарли бўлди ва мураббий ҳамда талабалар музейнинг ёшларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялашда улкан ҳиссаси борлигини эътироф этишди.
605 – гуруҳ мураббийси: тиббий педагогика
факультетига қарашли 2-сон
факультет ва госпитал терапия
кафедраси катта ўқитувчиси:
Қодирова Ш.А.